Карантин даврида Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи хизмат 20 апрелдан тўлиқ ишга тушди, дея хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур хизмат фаолияти Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш халқаро ассоциацияси (Россия) ҳамкорлигида йўлга қўйилди.

Ўтган давр мобайнида ишлаш учун мурожаат қилган 400 нафарга яқин фуқародан 80 нафари иш билан таъминланди.

Қайд этилишича, салоҳиятли иш берувчилар ва ишлаш истагидаги хорижий фуқаролар ўртасида алоқани таъминлаш учун кўп тилли колл-центр ва тегишли маълумот каналлари яратилди. Каналларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилмоқда, колл-центр саволларга жавоб беради ва ишга жойлашиш учун аризаларни қабул қилади.

Вазирликнинг эслатиб ўтишича, коронавирус туфайли 18 апрелдан бошлаб Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари кенгайтирилган: 15 июнгача фуқаролиги, визаси, ишлаш учун рухсатнома ва патенти йўқ шахслар рўйхатга олинган жойидан қатъи назар Россиянинг исталган жойида ишлаши мумкин. Бу бўйича коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан Россия президентининг тегишли фармони ҳам қабул қилинган.

«Бироқ, ушбу чораларга қарамай, россиялик иш берувчилар иқтисодиётнинг пасайиши ва патентсиз ишчилар сабабли маъмурий жарималар тўлашнинг олдини олиш учун, чет эл фуқароларини ишга олишга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Шу ўринда ишчи мигрантлар ҳам ишончсиз иш берувчилар томонидан алданиб қолиш эҳтимолидан хавотирда», — дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йил 15 мартгача Россия Федерацияси миграция қонунларига риоя қилган ва мамлакатда қонуний бўлиб турган чет эл фуқаролари ушбу хизматдан фойдаланган ҳолда иш билан таъминланиш имкониятига эга.

Ҳозирги босқичда ахборот ресурсларида асосан қадоқлаш (фасовщик), юкларни жойлаштириш (комплектовщик) ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бўш иш ўринлари рўйхати тақдим этилган. Текширилган бўш иш ўринлари сонини кўпайтириш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Вазирлик шу ва бошқа долзарб хабарлар билан танишиб бориш учун фуқаролардан қуйидаги информацион каналларни кузатиб боришларини сўради:

  • Работа в России: t.me/ish_ru
  • Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш халқаро ассоциацияси: t.me/legalmigrant
  • Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги: t.me/migratsiyaagentligi
  • Барча саволлар ва таклифлар учун
  • Колл-центр: + 7 (499) 430 00 87
  • Телеграм бот