Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш мақсадида барча меҳнат жамоаларида маслаҳат кенгашлари тузилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур маслаҳат кенгашлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилган.

Давлат органларида маслаҳат-кенгашларини ташкил этишдан асосий мақсад — ҳар бир меҳнат жамоасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишига муносиб хақ тўлаш, рағбатлантириш, раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, шунингдек бу борада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиб, зарур таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Хабарда таъкидланишича, ушбу тузилма Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича Республика комиссиясининг устувор йўналиш ва тавсияларига амал қилган ҳолда қуйидаги ишларни амалга оширади:

  • хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш борасидаги давлат дастурлари, миллий ҳаракатлар режалари ва стратегияларни амалга ошириш юзасидан ўз таклифларини беради;
  • юридик хизмат томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ички меъёрий ҳужжатларни гендер тенгликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқий (гендер-ҳуқуқий) экспертизадан ўтказишда бевосита иштирок этади;
  • Ўзбекистон Меҳнат кодекси ва бошқа амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аёлларга берилган имтиёзларнинг яратилганлик ҳолатини ўрганади ва унинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлайди;
  • ички идоравий ҳужжатларни таҳлил қилиш орқали аниқланган гендер тенгсизликни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва юридик хизматга тақдим этади;
  • ишларнинг фаолият жараёнини мониторинг қилади, баҳолайди ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқади ва раҳбариятга тақдим этади;
  • хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилишини таъминлайди;
  • ишга кириш мақсадида мурожаат қилган номзодлар билан ўтказиладиган суҳбат ёки бошқа жараёнларда, иш берувчи томонидан вазифа ва лавозимларга тайинлашда ҳамда кадрлар захирасини шакллантиришда гендер тенгликни таъминлайди;
  • раҳбарлик лавозимларига иқтидорли, талабчан ва масъулиятли аёллар номзодларининг тавсия қилинишини таъминлайди;
  • ходимларнинг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларнинг бузилишига доир мурожаатларини кўриб чиқади;
  • ҳодимларнинг иш жойидаги зўравонликка барҳам беришга қаратилган фаолиятни олиб боради ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўради;
  • давлат мукофотлари ва кўкрак нишонларига тавсия қилиш ҳамда рағбатлантиришда гендер тенгликни таъминлайди;
  • хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ўқитишни ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
  • меҳнат жамоасида касбий йўналишда тенг имкониятлар яратилиши, айниқса, аёллар ва қизларни доимий равишда бепул тиббий кўрикдан ўтказиш юзасидан раҳбариятга таклифлар киритади;
  • бир хил лавозимларда ишлаётган хотин-қизлар ва эркакларга ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар тенг тўланишини мониторинг қилади;
  • гендер тенгликни таъминлаш маданиятини шакллантириш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боради;
  • бошқа ташкилотлар билан гендер тенгликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилади.

Маслаҳат кенгаши ташкилот раҳбарияти томонидан етти кишигача бўлган таркибда шакллантирилади. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари иштирокида тузилиши мумкин.

Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича Республика комиссияси маслаҳат-кенгашлари томонидан амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш, баҳолаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишда фаоллик кўрсатади.