Тожикистон расмий ҳужжатларда ўзининг фуқароларига фамилия ва отасининг исмида рус тилидаги қўшимчалардан фойдаланишни чекламоқчи. Тегишли ўзгартишлар мамлакат парламентининг қуйи палатаси (Маджлиси намояндагон) томонидан маъқулланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатига олиш тўғрисида» ги қонунда белгилаб ўтилган.

Мазкур қонун лойиҳасини тақдим этган Тожикистон Адлия вазири Музаффар Ашуриеннинг таъкидлашича, ўзгартиришлар янги туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларда рус тилига хос бўлган «вич», «ов», «ев», «ева», «овна» қўшимчалар ўрнига тожикча муқобилларидан фойдаланилади, масалан «зод», «зода», «он», «ён», «духт», «пур» ва «фар». Ушбу чеклов республикада яшайдиган миллий озчилик вакиллари ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиб бўлганларга таъсир қилмайди.

Парламент матбуот хизматининг маълум қилишича, 2007 йилдан бошлаб Тожикистон фуқаролари фамилиялари ва отасининг исмида рус тилига хос бўлган «вич», «ов», «ев», «ева», «овна» қўшимчаларсиз ишлатишни бошлаган эди. Кейинчалик республика расмийлари бундай чора-тадбирлар мамлакат аҳолиси орасида миллий ва ватанпарварлик туйғуларининг ўсишига ёрдам беришини таъкидлаган эдилар.

Маълумот учун, 2007 йилда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўзи шахсан Раҳмонов фамилиясини қонунга мувофиқ тўғри таҳрир билан алмаштирган. Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақида бошқа барча давлатларни хабардор қилган. Шу билан бирга, Раҳмон барча ватандошларни маданий илдизларга қайтишга ва миллий номлардан фойдаланишга чақирган.

РБК хабарига кўра, кейинчалик президентдан ўрнак олиб бошқа сиёсатчилар, парламент ва ҳукумат аъзолари фамилияларини ўзгартиришган. Шундай қилиб, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Салимов Нусратулло Файзуллоевич ўз исмини Нусратулло Файзулло деб ўзгартирди ва Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазири Қосим Қосимов фамилиясини Роҳбар билан алмаштирди. Тожикистон Тил ва адабиёти институти директори Соҳидод Рохкашев фамилиясини Раҳматулзодага ўзгартирди.

ТажикТА нашри 2014 йил феврал ойида хабар беришича, 2009 йилдан бери Тожикистонда руслаштирилган исмларнинг оммалашиши бўйича янги ўсиш кузатилган. Мамлакат аҳолиси Россияга оммавий миграция пайтида ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини соддалаштириш мақсадида ўз исмларини ўзгартиришни бошлаган.