Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қуйидагилар рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни янада ривожлантиришнинг қўшимча вазифалари этиб белгиланди:

  • 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ЯИМдаги улушини 2 бараварга кўпайтиришни назарда тутган ҳолда, шу жумладан, ишлаб чиқаришни бошқаришда ахборот тизимлари комплексини жорий қилиш, молиявий-хўжалик фаолиятда ҳисобот юритишда дастурий маҳсулотлардан кенг фойдаланиш, шунингдек, технологик жараёнларни автоматлаштириш орқали уни жадал шакллантириш;
  • 2020−2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини оширишни кўзда тутган ҳолда мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
  • 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни назарда тутган ҳолда давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш ҳамда интеграция қилиш, давлат маълумотлар базаларидаги ахборотларни унификация қилиш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш тартиботларини оптималлаштириш ва тартибга солиш орқали электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш;
  • дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали «рақамли тадбиркорлик»ни ривожлантириш, 2023 йилга келиб ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ва уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш;
  • таълим тизимининг барча босқичларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган рақамли билимларнинг даражасини ошириш, таълим инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, «Беш ташаббус» лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2022 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларида рақамли билимларга ўқитиш марказларини очиш.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида қуйидагилар:

а) «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси ташкил этилади. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • электрон ҳукуматни ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш;
  • давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомининг ягона идоралараро электрон тизимини жорий этиш;
  • электрон ҳукумат соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш босқичларини мувофиқлаштириш;

б) «Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази» давлат муассасаси ташкил этилади ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқаришга рақамлаштириш жараёнларининг таъсирини баҳолаш;
  • экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорликда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасида янги йўналишлар ва замонавий технологияларни чуқур ўрганиш орқали уларни давлат органлари ва ташкилотларида кенг жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • иқтисодиётнинг турли тармоқларида «ақлли» ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишловчи технологияларни жорий этишнинг концептуал ва услубий асосини шакллантириш.

Вазирлик марказий аппарати тузилмасида:

  • аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилади;
  • Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ва Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ташкил қилинади.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM» устав капиталидаги давлат улушини АКТ вазирлигига беғараз асосда ўтказиб берилади ҳамда вазирлик ташкилий тузилмасидаги хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) вазирликка ўтказиб берилади.

Агентлик қошидаги «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУКнинг ахборот тизимлари ва бошқа аппарат-дастурий комплекслари бир ҳафта муддатда АКТ вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасига беғараз асосда ўтказиш белгиланди.

Қарор билан қуйидагилар:

  • «Электрон ҳукумат» тизимининг архитектураси;
  • 2020−2022 йилларда электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати;
  • 2020−2022 йилларда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати;
  • Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»;
  • 2020−2022 йилларда ахборот технологиялари ва телекоммуникацияларини ривожлантириш бўйича устувор лойиҳалар рўйхати;
  • 2020−2021 йилларда қишлоқ ва сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Ўзбекистон бош вазирига ушбу қарор билан тасдиқланган лойиҳалар рўйхатига аниқлик киритиш ҳуқуқи берилди.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобрақам очилади. Жамғарма махсус ҳисобрақамининг даромад манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг тақсимлангунига қадар бўлган 35 фоизи;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва барча турдаги тўловларнинг 11,25 фоизи, шунингдек, Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари ва бошқа тўловлардан тушадиган маблағларнинг 0,5 фоизи;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.

Ҳужжатга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш, интеграция қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича умумий қиймати 1 миллиард сўмгача бўлган битта шартнома доирасида танловларни фақат Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки резидентлари ўртасида ўтказиш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида ишлатиладиган барча ахборот тизимлари ва ресурсларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги фақат «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали амалга оширилади.

АКТ вазирлигига 2020 йил 1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки резидентлари томонидан оммавий молиялаштириш (краудфандинг) ва опцион-шартномаларни тузиш тартибини белгилаш бўйича таклиф киритиш топширилди.

«Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси Ягона интегратор билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ахборот хизматларини, жумладан, хабардор қилиш характеридаги маълумотларни тақдим этувчи давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган Электрон ҳукумат хизматлари ҳақида ахборот бериш ва хабардор қилиш тизимини ишлаб чиқиш белгиланди.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига эгалик қилиш, уни юритиш ва бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 августга қадар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни фақат почта алоқа объектлари тармоғи орқали етказиб бериш тартибини белгилайди.

АКТ вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан почта алоқаси объектлари тармоғи орқали йўлланадиган хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни жисмоний ва юридик шахсларга етказиб бериш ва етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизимини жорий этади.