28 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1924 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 303 киши даволанмоқда, улардан 55 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд, 10 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир .

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 106 бемор даволанмоқда, 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 3 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 67 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 130 бемордан 26 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳозирги вақтга келиб, Республикадаги мавжуд вирусологик лабораторияларда ўтган куннинг ўзида 10 мингга яқин, шу вақтгача 250 мингтадан ортиқ тест синовлари ўтказилди.

Шунингдек, айни пайтда 85 минг фуқаро карантин муддатини стационар ва уй шароитида ўтаяпти, деди Нурмат Отабеков.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 892 кишини ташкил этмоқда. Саккиз киши ҳаётдан кўз юмган.

Маълумот учун, АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 3,04 миллиондан зиёд одамларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Бундан 894 062 нафари инфекциядан соғайган, 211 159 нафар бемор вафот этган.