Монополияга қарши курашиш қўмитаси ягона электрон чипта сотиш операторини танлов орқали белгилашни таклиф этди. Бу ҳақда қўмитанинг ахборот хизмати хабар берди.

Олдинроқ Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ягона электрон чипта сотиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилган эди.

Унга кўра, чипта сотишнинг ягона электрон тизими яратилиб, Uzcard 51 фоиз улуш билан ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 49 фоиз улуш билан оператор устав капиталида иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳозирги кунда республикада «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (e-ticket.railway.uz), «Uzbekistan Аirwауs» АЖ (uzairways.online), «Ўзавтовокзал сервис» ДУК (avtoticket.uz) томонидан онлайн чипталар сотиш, шунингдек, интернет тармоқлари орқали кино, театр, концерт ва спорт тадбирлари учун (iticket.uz ва myticket.uz) онлайн чипталар сотиш йўлга қўйилганлиги ва самарали фаолият юритаётганлигини қайд этган.

Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларидан келиб чиқиб, бу соҳада хусусий тадбиркорлик фаолияти яхши йўлга қўйилганлиги ва соҳа жадал ривожланиб бораётганлигини инобатга олиб, қўшимча янги давлат иштирокидаги корхона ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги билдирилган.

Бундан ташқари, лойиҳада барча мавжуд чипта сотиш ахборот тизимларини яратилаётган янги Портал билан мажбурий интеграциялашни таъминлаш топширилган. Қўмитанинг изоҳига кўра, ушбу талаб ҳам «Рақобат тўғрисида"ги қонунига зид бўлганлиги сабабли чипта сотиш ахборот тизимларини ихтиёрийлик асосида Портал билан интеграциялаши мумкинлигини кўзда тутиш лозимлиги айтилмоқда қўмита хабарида.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, қарор лойиҳасидаги айрим нормалар юқорида кўрсатилган давлат рақобат сиёсати йўналишларига зид равишда киритилганлиги сабабли мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш ва операторни белгилашни рақобат тамойилари асосидаги тартиботлар (танлов, тендер) орқали амалга оширилиши таклифи берилган.