Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Асака тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлайдиган шахс маҳаллий фермердан 10 минг доллар пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Тезкор тадбир Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилояти бошқармаси хамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилди.

Маълум қилинишича, Б.М. фермер Х.Х.дан фермер хўжалигига тегишли бўлган 44 га. ер майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўлиқ экилмаганини рўкач қилиб, ушбу ерни олиб қўйиш билан қўрқитган ва 10 минг доллар пора талаб қилган. У пулларни агроинспекция биноси ёнида «Қассобхона» сотувчиси орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазур ҳолат юзасидан Б.М.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.