Тошкент тиббиёт акадмиясининг кўп тармоқли тиббиёт клиникасида коронавирус аниқланган бемор ҳаётдан кўз юмди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, 19 апрель куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшовчи Ф. (аёл) вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда ётқизилган ва сунъий нафас олиш аппаратига олинган. Тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда коронавирус инфекцияси аниқланган.

Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли тиббиёт клиникасига ўтказилган. Беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, икки томонлама бронхопневмония, ўткир респиратор дистресс синдром, гипертония касаллиги иккинчи босқич, хавф 4, семизликнинг 3 даражаси бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, даволаниш давомида ҳамиша сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

Беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган, дейилади хабарда.

Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас, ўпка-юрак ва полиорган етишмовчилигидан вафот этди.

Мамлакатда COVID-19 инфекцияси асоратларидан вафот этган беморлар сони 8 нафарга етди.