Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украина бош вазири ўринбосари этиб тайинланиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Саакашвили ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ушбу таклиф Украина президенти Владимир Зеленскийдан келиб тушганини қайж этган.

«Мен президент Зеленскийни сайловлар вақтида ва кейин ҳам қўллаб-қувватлаганман, ва Украина учун катта умидларни унинг жамоаси билан боғлайман… Мен Рада йиғилишида кечиктириб бўлмайдиган ўзгаришлар ва Шмигаль ҳукуматининг ишида ўз иштироким бўйича дастурни Украинада ва унинг ташқарисида бўлган давримда пайдо бўлган таклифлар билан тақдим этаман», — дея таъкидлаган Саакашвили.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, у Зеленский жамоаси, Украина парламентидаги барча ватанпарвар кучлар ва бошқа сиёсий кучлар билан биргаликда ишлашга тайёр.

«Одамлар учун фойдали иш қилиб, Украин престижини яхшилаш ва унинг халқаро ҳамжамият билан интеграциясини кучайтириб, жамоанинг ишончли аъзоси бўлишга ва Украина халқига хизмат қилишга умид қиламан», — деган у.

Олдинроқ, «Украинская правда» нашри Саакашвили ислоҳотлар масаласи бўйича Украина бош-вазири бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз манбасига таяниб хабар берган эди. Рада унинг номзодини 24 апрель куни кўриб чиқиши кутилмоқда.