Январь-март ойлари якунларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 8,14 млрд долларга тенг бўлди. Бу ҳақда статистика қўмитаси томонидан биринчи чорак бўйича эълон қилинган ҳисоботда маълум қилинди.

Савдо айланмаси ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 924 млн долларга камайган. Экспорт ҳажми 400 млн долларга (11 фоизга), импорт эса 500 млн долларга (10 фоиз) қисқарган.

2016 йилдан илк бор Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори позициясини йўқотди. Эндиликда Россия асосий савдо ҳамкори бўлди.

Россия ҳисобига Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг асосий қисми — 16,9 фоизи тўғри келмоқда (1,37 млрд доллар, ундан экспорт ҳажми 455,6 млн доллар, импорт ҳажми 920,9 млн доллар). Хитой билан савдо алоқалари кескин қисқарганлиги сабабли, мамлакатнинг Ўзбекистон савдо айланмасидаги улуши 16,8 фоизга етган (1,36 млрд доллар, ундан экспорт ҳажми 400,8 млн доллар, импорт ҳажми 963,5 млн доллар).

Ташқи савдо айланмасида кейинги ўринларда Қозоғистон (675 млн доллар ёки 8,3 фоиз), Жанубий Корея (545 млн доллар ёки 6,7 фоиз), Туркия (469 млн доллар ёки 5,8 фоиз) боришмоқда.