Regulation.gov.uz порталига давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан автоматик равишда ўчирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Адлия вазирлигининг хабарида айтилишича, давлат органлари лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) мустақил равишда ўзлари жойлаштиришади. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида"ги Қонунининг 8-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.

Шунга асосан, давлат тилида матни бўлмаган бошқа тилда киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари regulation.gov.uz портал маъмурияти томонидан автоматик равишда ўчирилиши ҳақида огоҳлантирилди. Ушбу огоҳлантириш 20 апрелдан жойлаштирилган.

Шу билан бирга, тегишди тартибга кўра Адлия вазирлиги экспертиза якунлари бўйича ҳулосада лойиҳа ўзбек тилида тақдим этилсин деб ёзади. Бундан ташқари, Ҳукуматнинг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентининг 40-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари лойиҳалари Ҳукуматга давлат тилида, зарурат бўлганда — рус тили ва бошқа тилларга таржима қилиниб киритилиши лозим, дейилади хабарда.