АҚШ президенти Дональд Трамп Америка фуқароларининг иш жойларини сақлаб қолиш мақсадида мамлакатга иммиграцияни тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолашни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Трамп ўзининг Твиттер саҳифасида маълум қилди.

«Кўринмас душманнинг ҳужуми ва фуқароларимизнинг иш жойларини ҳимоя қилиш зарурати сабабли мен АҚШга иммиграцияни вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида ижроия буйруғини имзолайман», — деб ёзди у Твиттер саҳифасида.

Оқ уй мазкур қарор сабаблари, вақти ёки қонуний асослари ҳақида қўшимча маълумот беришдан бош тортди.

«Ушбу пандемия тугаши билан бизнинг ишчи кучимиз имкониятларини ҳимоя қилиш мантиққа тўғри келади. Гап аслида иммиграция ҳақида эмас. Бу мамлакатимизни хавфсиз сақлаш, ишсиз америкаликлар учун имкониятларни ҳимоя қилиш ҳақидадир», — деди Трампнинг АҚШ иммиграция ва божхона назорати бўйича собиқ директор вазифасини бажарувчи Томас Хоман.

Ўз ўрнида, Трамп АҚШ ишчиларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилаётганини айтди. Президент миллий фавқулодда ҳолат эълон қилганидан бери 22 миллиондан ортиқ америкаликлар ишсизлик учун ёрдам сўраб мурожаат қилди.

The New York Times нашрининг келтиришича, бундай ижро этувчи буйруққа биноан Трамп маъмурияти чет элликларнинг АҚШда яшаш ва ишлаш учун белгиланган вақт давомида бирон бир аризасини маъқулламаслиги ва қонуний иммиграция тизимини самарали равишда ёпиб қўйишга замин яратиши мумкин.

Маълумот учун, 2016 йилга нисбатан 2019 йили АҚШга кўчиб ўтмоқчи бўлган чет элликларга берилган визалар сони қарийб 25 фоизга, яъни 617 752 тадан 462 422 тага камайган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда энг кўп коронавирус беморлари АҚШда қайд этилган бўлиб, 4 миллиондан ортиқ тест олинган аҳолидан 787 минг нафари ушбу инфекция билан зарарланган. Шу кунга қадар 73 527 нафар бемор соғайган бўлса, 42 364 нафари вафот этган.