Ўзбекистон янги турдаги коронавирусга қарши курашиш учун зарур тиббий жиҳозларни сотиб олишга Япония ҳукумати грантларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Япония бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо иштирокида видеоконференцияда коронавирус инфекциясига қарши курашишда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларини зарурий асбоб-ускуналар — ўпкани сунъий шамоллатиш мосламалари (ЎСШ) ва полимераза занжири реакцияси (ПЗР) билан жиҳозлаш мақсадида яқин кунларда Япония ҳукуматининг грант маблағларини жалб қилиш истиқболлари ишлаб чиқилади», — дейилади хабарда.

Сардор Умурзоқов Япония ҳукуматига тест-тизимлари ва вирусга қарши воситалар шаклида илгари кўрсатилган гуманитар ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

Аввалроқ давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусни аниқлаш учун қўлланилаётган битта ПЗР қурилмаси кун давомида 400 та таҳлил ўтказа олишини маълум қилган эди. Ўзбекистонда 40 дан ортиқ ПЗР лабораторияси фаолият кўрсатаётган бўлса, ПЗР ускуналари сони кўпи билан 200 га яқинроқни ташкил этади.

Ўтган ҳафта президент Соғлиқни сақлаш вазирлигига Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банкининг 30 млн долларлик маблағлари ҳисобига 2300 та ўпкани сунъий шамоллатиш ускунасини сотиб олишга кўрсатма берган эди.