Ўзбекистон Россияга икки партиядан иборат инсонпарварлик ёрдамини етказиб берди, дея хабар қилди мамлакатнинг Москвадаги элчихонаси «Газета.uz»га.

Биринчи партия шанба куни, иккинчиси эса 20 апрель куни Шереметьео аэропортига етказиб берилди. Россияга жами бўлиб 5 млн дона тиббий ниқоб ҳамда тиббий дока етказиб бериш режалаштирилган.

«Тиббий маҳсулотлар асосан пандемияга қарши кураш олиб бораётганларга йўналтирилади», — дея ТАСС бош вазир ўринбосари Алексей Оверчукдан иқтибос келтирди. Россия ҳукумати раҳбарининг ўринбосари шанба куни Ўзбекистон халқига ва ҳукуматига кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

«Биз биламизки, Ўзбекистон халқининг ўзи ҳам коронавирус инфекциясидан азият чекмоқда. Мамлакатда юқтирганлар ҳам, ҳалок бўлганлар ҳам бор, — деди бош вазир ўринбосари. — Шунга қарамай, Ўзбекистон умумий тарихимизни тўлдирган мисоллар билан ўзаро ёрдамни намойиш этган ҳолда Россия билан энг зарур бўлган нарсаларни бўлишишга қарор қилди».

Аввалроқ Ўзбекистон Хитой, Эрон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь ва Венгрияга ҳам инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Юклар таркибидан шахсий ҳимоя воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган.