Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 6 нафар бемор буткул соғайди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганлардан бири чироқчилик , 83 ёшли аёл бўлиб, унинг аҳволи оғир бўлишига қарамай, юқори малакали шифокорларнинг саъй-ҳаракати ҳамда халқаро стандартлар асосида олиб борилган самарали даволаш муолажалари туфайли буткул соғайган.

Тузалган яна тўрт нафар Тошкент шаҳридан бўлиб, (50, 31 ва 30 ёшли эркак ҳамда 57 ёшли аёл) улардан бир нафари Россиядан чартер рейс билан пойтахтимизга келган, қолган уч нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Яна бир нафар фарғоналик, 35 ёшли бемор ҳам хориждан келган.

Мазкур клиникада шу пайтга қадар 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 17 нафарга етди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Бухоро вилояти юқумли касалликлари шифохонасидан яна 3 нафар бемор (эркак) соғайган.

18 апрель куни Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 38 нафарга етиб, жами 194 нафарни ташкил этмоқда.