«Ўздонмаҳсулот» АК тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун нархи 125 минг сўм қилиб белгиланди. Бу ҳақда «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компаниясининг матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукумат топшириғига кўра, ун маҳсулотлари олиб сотарлар томонидан қўлдан қўлга ўтиши оқибатида нархнинг сунъий ўсиб кетишининг олдини олиш, ун аҳолининг барча қатламларига тизимли равишда узлуксиз етказиб берилишининг таъминланиши кўзланган.

«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси маълум қилишича, компания таркибидаги тизим корхоналари тасарруфида бўлган замонавий энергиятежамкор технологиялар билан жиҳозланган 52 та тегирмон цехларида ҳар куни 6000 тоннадан ортиқ ун ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, тизим корхоналари омборларида республика аҳолисининг ун маҳсулотига бўлган талабини тўла қондириш учун етарли миқдорда дон захиралари мавжудлиги айтилган.