Бюджет ташкилотлари ходимларига рағбатлантириш учун тўловлар ҳисобланиши вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда тегишли ҳукумат қарори 16 апрель куни қабул қилинди.

Қарорга кўра, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга 16 апрелдан 1 октябрга қадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилади.

Бундан тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1−3 разраядлари қўлланиладиган ходимлар мустасно.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд, прокуратура, вазирлик ва идоралар икки ҳафта ичида солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобида жорий йил 16 апрель ҳолатида мавжуд қолдиқ маблағлари, шу жумладан, банклардаги депозитларининг миллий ва хорижий валютадаги қолдиқларининг 50 фоизини республика бюджетига ўтказади.

Бир ой ичида устав капиталида 50% ва ундан ортиқ давлат улуши бўлган мавжуд акциядорлик жамиятлари — йирик корхоналар кузатув кенгашлари таркиби қайта кўриб чиқилади ва улар таркибига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги вакиллари киритилади.

Қарорга кўра, давлат бюджетидан 5,1 трлн сўм мақбуллаштирилса, маҳаллий бюджетлардан эса 980 млрд сўм мақбуллаштирилади.

Шунингдек, бюджет ташкилотларида асосий воситаларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар 1 июлга қадар тўхтатилади ва ушбу мақсадлар учун II чоракда режалаштирилган маблағлар қисқартирилади ёки 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказилади. Натижада ушбу йўналишга мўлжаллаштирилган 3,2 трлн сўмлик харажатлар иккинчи ярим йилликка ўтказилади.