16 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1349 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони эса ҳозирда 107 кишини ташкил этмоқда. Тўрт киши ҳаётдан кўз юмди.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилишича, вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 100 беморнинг 26 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи нисбатан оғир ва яна 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 101 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 124 бемордан 6 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Маълумот учун, АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 2,06 миллиондан зиёд одамларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Улардан 512,092 нафари соғайган ва 137,020 нафари вафот этган.