Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев 15 апрель куни бўлиб ўтган брифингда коронавирус юқтириши мумкин бўлган хавфли гуруҳларни маълум қилди.

Бошқарма бошлиғи ҳар бир фуқаро барча жойда ўзини жуда эҳтиёт қилиши лозимлигини айтиб ўтди. «Бир нарсани аниқ билишимиз керакки, ҳозирги кунда ҳеч кимга, жумладан менга ҳам ва сизга ҳам касаллик юқмай қолишига кафолат йўқ. Бунинг бирдан бир йўли врачлар тавсиясига амал қилиш, уйда қолиш ва мулоқатларни кескин чеклашдир», — деди у.

Унга кўра, коронавирус юқтириши мумкин бўлган хавфли гуруҳлар қуйидагича:

  1. Бозорларда ва савдо дўконларида савдо қилаётган сотувчилар;
  2. Уй шароитида ва бошқа жойларда карантинда сақланиб турган фуқаролар;
  3. Хизмат зарурияти туфайли кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлиб ишлаётган шахслардир.

«Ҳозирги вазиятда ҳеч кимга кечиримлилик қилинмайди. Балки, ким бўлишидан қатьи назар, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилса, унга албатта қонун ва ўрнатилган тартибнинг энг оғир жазоси қўлланилади», — дея таъкидлади Содиқжон Бердиалиев.