15 апрель ҳолатига Ўзбекистонда карантин қоидаларига амал қилмаслик бўйича 63 минг 882 та ҳуқуқбузарлик аниқланди, дея маълум қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев чоршанба куни ўтказилган брифингда.

Карантин қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларнинг 58901 нафари эркак, 4981 нафари аёллардир.

Ҳуқуқбузарларнинг 60628 нафари тиббий ниқоб тақмасдан юриш, 401 нафари карантин ҳудудини ташлаб кетиш, 220 нафари вақтинчалик тўхтатилган савдо фаолиятини давом эттириш, 29 нафари маросим ёки йиғинлар ўтказиш, 10 нафари ижтимоий тармоқларда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш ва 2594 нафари бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишган.

Карантин эълон қилинган кундан бошлаб 20 нафар фуқаро белгиланган тартибни қўпол равишда бузганлиги учун жиноят ишлари қўзғатилиб, уларнинг аксарияти қамоққа олинди.

Масалан, жорий йилнинг 1 апрель куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи 1988 йилда туғилган Усмонов Lacetti русумли автомашинада карантин шароитида автоуловни бошқариш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномасиз, яъни стикерсиз «Самарқанд-Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётганида, ЙПХ инспектори томонидан тўхатилиб, автомашина ҳужжатларини тақдим этилиши сўралган.

Аммо, Усманов инспекторнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортиб, унга фаол қаршилик кўрсатган ва автомашинани ҳайдаб қочишга ҳаракат қилган. Шу куннинг ўзида Ғаллаорол туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 219-моддаси ва 2571-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, Усмонов қамоққа олинди.