Ўзбекистонда валюталарни сотиш ва сотиб олишга чекловлар жорий этилмайди, дея хабар қилди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда. Брифинг асосий ставкани қайта кўриб чиқиш бўйича МБ бошқарувининг навбатдан ташқари йиғилиши якунларига бағишланди.

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, март ойида пул ўтказмаларининг 23 фоизга (февралга нисбатан) пасайиши ҳисобига аҳоли ва тадбиркорларнинг девальвацион тахминлари юқори даражада қолмоқда. Апрель ойининг биринчи 10 кунида, март ойининг шу даврига нисбатан, пул ўтказмалари ҳажми уч мартага камайди.

Аҳоли билан пул ўтказмалари ва валюта операциялари динамикаси. Манба: Марказий банк.

«Натижада валюта биржасида таклиф сезиларли равишда пасайди. Шу билан бирга, айирбошлаш шохобчаларида аҳоли томонидан валюта сотиб олиш ҳажми сезиларли даражада сақланиб қолди. Хусусан, агар март ойида аҳоли кунига ўртача 13,3 миллион долларга валюта сотиб олган бўлса, апрель ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб бу миқдор кескин ўсди. Хусусан, 10 апрелда — 19,5 миллион доллар, 13 апрелда — 22 миллион доллар», — деди у.

Шунингдек, юридик шахслар томонидан ҳам хорижий валютани сотиб олиш ҳажми кўпайди. Агар март ойида улар биржадан кунига ўртача 37,5 миллион долларга валюта сотиб олишган бўлса, 10 апрелдан бошлаб ўртача кунлик талаб 30 фоизга ошди: 10 апрелда — 43,8 миллион доллар, 13 апрелда — 32 миллион доллар, 14 апрелда — 50,3 миллион доллар.

10, 13 ва 14 апрелда юридик шахсларнинг валюта биржасидаги талаб ва таклифлари динамикаси. Манба: Марказий банк.

Март ойида биржадаги ўртача кунлик таъминот 21,5 миллион долларни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 10 апрелдан 40 фоизга пасайди. 10 апрель куни биржада валюта савдоси 7,4 млн доллар, 13 апрелда — 12,2 млн доллар ва 14 апрелда — 0,6 млн долларни ташкил этди.

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда валюта айирбошлаш учун талаб 62 миллион доллар ва 16 миллион еврога тенг.

Сўмнинг реал самарали алмашув курси динамикаси. Манба: Марказий банк.

«Валюта курсининг 10121 сўмгача ўсиши хорижий валютани сотиб олиш учун берилган аризаларнинг 80 фоизи қайтариб олинишига сабаб бўлди. Илгари бунақаси кузатилмаган. Яъни, оз миқдордаги валюта сотилган, хорижий валютага бўлган талабнинг катта қисми эса, бетарафлик тамойилини маълум даражада бузилган ҳолда, Марказий банк томонидан чет эл валютасини қўшимча сотиш орқали қопланган», — дея тушунтирди у.

Регулятор валюта интервенциясини айирбошлаш курсининг тамал трендларига таъсир кўрсатмаган ҳолда олтин-валюта захиралари бетарафлиги тамойили асосида амалга оширишга қарор қилди.

Мамаризо Нурмуродовнинг фикрича, ҳозирги 10121 сўмлик айирбошлаш курси «ўзининг табиий нуқтага яқинлашгани»дан далолат беради. Унинг сўзларига кўра, валютани сотиб олиш ва сотишда ҳеч қандай чекловлар жорий этилмайди — курс бозор омиллари асосида шаклланади.

Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари миллий валюталарининг девальвацияси. Манба: Марказий банк.

Март ойида сўмнинг ҳақиқий самарали айирбошлаш курси (инфляцияни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари валюталарига нисбатан) 7,3 фоизни ташкил этди ва апрель ойидан бошлаб -1,8 фоизгача тушди. Марказий банк раҳбари реал самарали курсдаги муайян фарқ «ёпиқ» бўлганини таъкидлади.