Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари буткул соғайди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Улар Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Беморлардан икки нафари Туркиядан, яна бир нафари эса Россиядан Тошкентга чартер рейси билан келишган. Қолган беш нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган.

Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда, энг кичиги эса 10 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 107 нафар бемор тўлиқ соғайди.