Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишга ёрдам беради. Бу ҳақдаги президент қарори 10 апрель куни имзоланди.

6 йилга мўлжалланган (2020−2025 йиллар) ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 338 млн долларга баҳоланган. Маблағнинг 213 млн доллари JICA томонидан қарз сифатида берилади, 59 млн доллар солиқ ва божхона имтиёзлари сифатида Ўзбекистон томонидан тақдим этилса, қолган 65,5 млн доллар иштирокчилар томонидан қопланиши кутилмоқда.

JICA томонидан ажратиладиган маблағнинг асосий қисми (196,6 млн доллар) тижорат банкларига кредит линиялари сифатида берилади. 9,6 млн доллар консалтинг хизматларига сарфланади.

Маҳаллий ҳокимликлар тегишли идоралар ва банклар билан ҳамкорликда иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган ва кредитга муҳтож бўлган тадбиркорлар рўйхатини тузишади.

JICA томонидан берилган қарз ҳисобига сотиб олинадиган товарлар, хизматлар, ишлар ва транспорт воситалари божхона тўловларидан озод қилинади (божхона ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича харажатлар бундан мустасно). Мамлакат ҳудудида ушбу лойиҳа доирасида сотиб олинадиган маҳсулот ва хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

Лойиҳани амалга ошириш, бошқариш, мониторинг қилиш ва баҳолаш Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигига юклатилди. JICA томонидан ажратиладиган қарз Ўзбекистон Миллий банкига ўтказилади. Ушбу маблағлар тижорат банкларига кредит тарзида АҚШ долларида ёки ўзбек сўмида ўтказиб берилади. Валюта бўйича хатарлар эса республика бюджетидан қопланади.

Лойиҳа мамлакатнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади.