Тожикистонда вақтинча бўлиб турган хорижий мамлакатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг виза ва рўйхатда туриш муддатлари эпидемиологик вазият барқарорлашгунича узайтирилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонинг Душанбедаги элчихонасига таяниб хабар қилди.

Хабарга кўра, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги COVID-19 коронавируси пандемияси туфайли юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда мамлакатда вақтинча бўлиб турган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг виза ва рўйхатда туриш муддатлари эпидемиологик вазият барқарорлашганича узайтирилишини маълум қилди.

Шу муносабат билан қўшни республика ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари виза муддатини узайтириш учун Тожикистон ТИВнинг Бош консуллик бошқармаси ва Суғд вилоятидаги ваколатхонасига, рўйхатда туриш муддатини узайтириш учун эса Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Паспорт-рўйхатга олиш хизматига мурожаат қилишлари мумкин.