Давлат солиқ қўмитаси Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Азия» тўйхонасида ноқонуний равишда фаолият олиб бораётган тикувчилик цехи аниқланган ҳолат бўйича баёнот берди. Бу ҳақда қўмитанинг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Чирчиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан «Азия» тўйхонасида фуқароларнинг ноқонуний йиғилиши бўйича аҳолидан «Ишонч телефони»га эътирозлар келиб тушган.

Чирчиқ шаҳар Санитария — эпидемиология назорати давлат инспекциясининг далолатномасида ушбу цехда ходимларнинг температурасини ўлчаш йўлга қўйилмаганлиги, махсус кийим бош йўқлиги, кийимларни алмаштириш хонаси мавжуд эмаслиги, ишлаб чиқариш цехида ҳаво алмаштириш тизими йўқлиги, хонани тозалаш ва вируслардан зарарсизлантириш ишларини ташкил этиш учун зарур анжомлари ва дезинфекция воситалари билан таъминланмаганлиги ҳақида айтилган.

Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида, 260 нафар ишчи учун белгиланган минимал ижтимоий масофа (1,5 метр) сақланмаган ҳолда ташкил этилгани маълум қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан, Чирчиқ шаҳар прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти томонидан санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари бузилганлиги бўйича 6 апрель куни жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, ушбу тиббий ниқоб ишлаб чиқариш цехи 2 апрель кунидан йўлга қўйилган бўлиб, Чирчиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бино кўздан кечирилганда умумий нархи 156 миллион 696 минг сўмлик товар моддий бойликлар борлиги аниқланган.