Чоршанба куни Ўзбекистонда эсган кучли қорли шамол мамлакатнинг барча вилоятларида дарахтларни йиқитиб, электр таъминотини узиб қўйди, дея хабар берди «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Аввал хабар берганимиздек, сўнгги кунларда Ўзбекистонда об-ҳаво шароити кескин ёмонлашди. 7 апрель куни республиканинг баъзи жойларида ёмғир ёғди. 8 апрель куни ёмғир кучайди, ўша куни кечқурун ва 9 апрелда кечаси республиканинг катта қисмида ёмғир қорга айланди. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кузатилмади.

Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги 15−20 м/с гача (Бофорт шкаласи бўйича 8 балл — жуда кучли шамол), Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида шамол тезлиги 25 м/с га (9 балл — бўрон шамоли) етди.

Фото: t.me/hetmuloqot.

«Ҳудудий электр тармоқлари» маълумотларига кўра, камида 63 минг хонадон (6 та вилоят бўйича маълумот) электрсиз қолган. Электр тармоқларидаги авариялардан кўпроқ Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари аҳолиси азият чекмоқда. Электр тармоқларидан узилиш бўйича хабарлар келишда давом этмоқда. «Газета.uz»нинг компаниядаги манбаси 300 мингдан ортиқ истеъмолчилар электр энергиясидан узилганлигини маълум қилди.

Дарахт шохлари синишинг асосий сабаби — қалин қор ёғиши билан боғлиқ, дейди компания вакиллари.

«Ҳозир кўп дарахтлар барглаган. Қор тўпланиб қолгани боис дарахт шохлари дош беролмай синган, уларнинг бир қисми электр линияларининг устига қулаган. Биз электр линияларига яқин жойлашган дарахтларнинг шохларини кесган эдик, лекин баҳор фаслида шохлар тез ўсади», — дея тушунтирди «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси.

«Ҳудудий электр тармоқлари» топшириғи билан мамлакатнинг барча ҳудудларида тезкор гуруҳлар электр узатишни қайта тикламоқда.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Юнусовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, шикастланган дарахтлар ҳақидаги биринчи маълумотлар кечга яқин бўлади.

«Ҳозирги вақтда бизнинг инспекторларимиз Ободонлаштириш департаменти ходимлари билан бирга ишлашмоқда. Биринчи навбатда, магистраль йўллар тозаланмоқда, кейин эса маҳаллаларда қулаган дарахтларга навбат келади. Бу ишларга 1−1,5 кун вақт кетади», — деди у.

Ижтимоий тармоқларда автомобиллар устига қулаган дарахтлар расмлари эълон қилинган.


Фото: t.me/ToshkentYOXB.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати қурбонлар ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини маълум қилди.

Хабар тўлдирилди.