Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) коронавирус пандемиясининг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадида 220 млн доллар ажратади. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 7 апрель куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ЕТТБ президенти С. Чакрабарти билан ўтказган видеоконференцияда Ўзбекистон томонидан берилган сўровга жавобан кўмаклашишнинг биринчи босқичи муҳокама қилинган.

ЕТТБ томонидан шакллантирилган Бирдамлик пакети (Пакетнинг умумий миқдори 1 млрд доллар) ҳисобидан тўртта ўзбек тижорат банкига умумий қиймати 220 млн доллар бўлган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линиялари ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилади.

Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар томонидан тўлаб бориладиган коммунал тўловлар тушумларини пасайиши оқибатида қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама этилган. ЕТТБ ушбу йўналишга 100 млн доллар миқдоригача бўлган молиялаштиришни тақдим этиш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.