Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов карантин вақтида шифохоналарда, карантин зоналарида ва уйда бўлиш қоидалари бўйича гапирди.

«Уйда бўлишниннг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Оилада ҳам кўришманг. Оилада ҳам қучоқлашманг. Ана шу невараларингизни, ота-онангизни қанчалик соғинган бўлсангиз-да, унинг ёнига борманг. Ҳамма билан масофада гаплашинг ва уларни сақланг. Ёшларимиз сабрсиз бўлади, серғайрат бўлади, кўчага чиққиси келади. Қатъий талаб қўйиб, уларни биз чиқармасдан уйда олиб ўтиришмиз керак», — деди Алишер Шодмонов.

Вазир хонадонга қайтиб келганда, ҳеч ким билан кўришмасдан, биринчи навбатда устги кийимларни ечиб, қўлларни 20 сониядан кам бўлмаган ҳолатда ювиб, имконият бўлса ичида спирти бор дезинфекцияловчи моддалар билан ювиб, танани қаери очиқ бўлган бўлса, уларни ҳам ювишни маслаҳат берди. «Кийимларни алмаштиргандан кейин, оила аъзоларингизнинг олдига бориб, унда ҳам масофадан кўксимизни қўлга қўйиб сўрашганимиз маъқул».

Алишер Шодмонов хонадонларда кимдадир касаллик аломатлари пайдо бўлса, ушбу беморни алоҳида хонага, алоҳида хона бўлмаган тақдирда бир бурчакка четлаб олиб қўйиб, бир парда билан тўсиб қўйган ҳолда, қолганларга аралаштирмасликни, кейин тиббиёт ходимларини чақириш кераклигини тавсия қилди.

«Карантин зоналарида ҳам бир бири билан чиққан, кўришган, яна қучоқлашган. Хоналарида ўтириш тавсия берилганлигига қарамасдан, сабр қилмасдан чиқиб кетаётганлар бор», — деди Соғлиқни сақлаш вазири. Унинг айтишича, янги тартиб бўйича карантин зоналаридагиларнинг барчаси ўз хоналарида қолишлари керак бўлади. Уларнинг овқатланишларини ҳам ушбу хоналарда ташкил этиш чоралари кўрилган.

Вазирнинг айтишича, коронавирус беморлари шифохонага келгандан кейин, ўзини тутишларида маданиятсизлик қилиб, шифокорларнинг тавсияларига кирмаган ҳолатлари ҳам учраган. «Мана унга „Сен ётишинг керак, сен кеч келганинг учун пневмония сенда аниқ бўлди, сени тана ҳароратинг юқори, сенга фақат ётоқ режими тавсия этилади, турмаслигинг керак“ деса, бундаям гапга кирмайдида. Мана энди ИВЛга (сунъий нафас олиш қурилмаси — таҳририят) тушганимизни биттаси шу, ҳозирги нафас етишмовчилиги билан оғир ҳолатда ётганларнинг иккитаси шу. Бу ёшларга айтилган тавсияларга риоя этилмаганлиги учун», — деди Алишер Шодмонов.

«Шифохонада ҳам, карантин зоналарида ҳам, уйда ҳам қоидалар бор. Уларга биз риоя этишимиз, уларга муносиб бўлишимиз, ва биринчи навбатда ўзимизнинг оила аъзоларимизни, фарзандларимизни, яқинларимизни ва ота-оналаримизни асраш учун белгиланган чоралар», — дея фикрини якунлади Соғлиқни сақлаш вазири.

Видео