Ўзбекистондан чиққан юк автомобилларига Грузия-Туркия чегарасини кесиб ўтишга рухсат берилди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Туркия коронавирус тарқалишини қисқартириш мақсадида юк ташувчиларининг ўз ҳудудига киришини тақиқлаган эди. Шундан сўнг, «Озодлик» радиоси маълумотларига кўра, «Сарпи» ўтказиш пунктида Ўзбекистондан Туркияга пахта ташиётган 150 дан ортиқ фуралар тўпланиб қолган. Ҳайдовчилар бир ҳафта давомида юк машиналарида яшашди.

«Туркия ва Грузиянинг масъул вазирлик ва идоралари билан олиб борилган музокаралар натижасида мазкур масала ижобий ҳал қилинди. Туркия томонидан олинган маълумотга кўра ўзбекистонлик автоташувчилар Туркия ҳудудига Ўзбекистондан чиққан кунларидан бошлаб 14 кунлик муддат тугаганидан кейин киритилади», — дейилади ТИВ хабарида.

Туркия Божхона идораси ва Савдо вазирлиги 30 март кечасидан бошлаб Ўзбекистон юк ташувчи транспорт воситаларини киритиш тикланганлигини тасдиқлади. Бугунга қадар Грузия-Туркия чегарасини 50 дан ортиқ юк транспортлари кесиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Анқара ва Боку шаҳарларидаги элчихоналари вазиятни назоратга олган, давлатлараро чегарада 14 кунлик муддат тугашини кутаётган ўзбекистонлик ҳайдовчилар билан алоқада бўлиб турибди.