Эрон ва Латвиядан олиб келинган фуқаролар учун карантин муддати якунига етиб, улар ўз манзилларига етказиб қўйилмоқда. Бу ҳақда Koronavirus Info Telegram-каналида хабар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 16 март куни Эрон (37 киши) ва Латвиядан (175 киши) жами 212 нафар фуқаро Наманганга олиб келинган эди. Улар Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ва Косонсой санаториясига икки ҳафталик карантинга жойлаштирилди.

«Бугун улар карантин муддатини тамомладилар. 14 кун мобайнида карантин кузатувида бўлган 212 нафар фуқародан 187 нафари республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилишлари инобатга олиниб, улар „Ўзбекистон темир йўллари“ компанияси томонидан „Наманган-Тошкент-Ургенч“ йўналишида ҳаракати йўлга қўйилган 901-сонли махсус йўловчи поездида ўз яшаш манзилларига етказилади», — дейилади хабарда.

Тўлиқ дeзинфекцияланган вагонлардан ташкил топган мазкур йўловчи поезди 31 март куни соат 09: 00 да Наманган темир йўл вокзалидан ҳаракатини бошлади, ҳаракат жадвалига кўра, 1 апрель куни соат 14: 57 да Урганч вокзалига кириб боради.