Сайёҳлик компаниялари, жамоат ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарига мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор ҳолатга келгунга қадар ички туризмни ривожлантиришга доир тадбирларни тўхтатиш тавсия қилинди. Ушбу қарор 17 март куни Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси томонидан қабул қилинди, дея хабар берди Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Республика ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари вақтинча тўхтатилади.

Махсус комиссия қарорига асосан, Транспорт вазирлиги карантин муддати даврига тўғри келувчи туризм мақсадида харид қилинган ҳаво ва темир йўл чипталарини, шу жумладан ички қатновлар учун чипталарни харидорлар томонидан қайтарилган тақдирда, жаримасиз қабул қилиш, чипта нархини харидорга тўлиқ қайтариш ёки бошқа муддатга кўчириш чораларини кўради.

Айни дамда мамлакатда бўлиб турган хорижий фуқароларни, шу жумладан туристларни ўз мамлакатларига қайтиши масалаларида уларга ахборот кўмагини берувчи махсус штаб ташкил этилди.