Халқаро паралимпия қўмитаси тўрт нафар ўзбекистонлик паралимпиячини антидопинг қоидаларини бузганлиги учун тўрт йилга мусобақалардан четлаштирди.

Пауэрлифтингчи Исмира Исломова ва Шаҳзода Мамадалиеванинг Франциядаги 2018 йилги Жаҳон чемпионатида олинган допинг-тест натижалари Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган моддалар қўлланилганини кўрсатди. Спортчилар 2018 йил 31 августдан 2022 йил 30 августгача дисквалификация қилинади, 2018 йил май ойидан кейинги натижалар бекор қилинади.

Поверлифтер Муслима Нуриддинованинг ҳам Японияда Осиё ва Океания мамлакатлари ўртасидаги жаҳон мусобақасида олинган допинг-тести ижобий натижа билан чиққани учун тўрт йилга дисквалификация қилинади. У 2018 йил 30 ноябрдан 2022 йил 29 ноябргача дисквалификация қилинди. Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилган чемпионатда спортчининг медаллари ва у ўрнатган рекордлари бекор қилинди.

Параатлетикачи Камолахон Абдуллаева ҳам 2018 йилдаги Параосиё ўйинларида допинг истеъмол қилганликда айбланмоқда. Спортчи 2019 йил 11 февралдан 2023 йил 10 февралгача дисквалификация қилинди ва 2018 йил октябрь ойидан бошлаб барча медаллар, очколар, рекордлар ва совғалардан маҳрум қилинди.

Халқаро паралимпия қўмитасининг антидопинг бўйича директори Жеймс Склейтер Ўзбекистонда бу каби ҳолатлар ортаётганидан хавотирда эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қўмита антидопинг текширувларини давом эттиради ҳамда мусобақаларда тенг шароитлар яратилиши учун келгусида чоралар кўради.