12 март куни Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши йиғилишида Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан Ўзбекистонга сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш лойиҳасини молиялаштириш учун 239 млн АҚШ долларига тенг кредит ажратиш тасдиқланди.Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz»га хабар берган.

Жаҳон банкининг қайд этишича, бугунги кунда мамлакатнинг сув таъминот тизими ва канализация инфратузилмаси капитал реконструкция ва янада кенгайтиришни талаб қилмоқда. Ушбу инфратузилманинг мавжуд қуввати ва техник хизмат кўрсатилиши ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини қондира олмаётганлиги, ва мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида сув таъминоти ва канализация сифатининг пасайиб бораётганлиги айтилган.

«Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида, Ўзбекистоннинг учта ҳудудидаги 500 000 дан ортиқ аҳоли янада сифатли сув таъминоти ва канализация хизматларидан фойдалана оладилар», деб изоҳ билдирган Хидеки Мори, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

Ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Тахиатош ва Хўжайли шаҳарларида оқава сув тозалаш иншоотларини модернизация қилиш режалаштирилган. Сирдарё вилоятида ва Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳрида ҳам сув таъминоти ва канализация тармоқлари кенгайтирилиб, реконструкция қилинади.

Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекистон бўйлаб энергия ва сув йўқотишларини камайтиришдир. Жаҳон банки мутахассисларининг фикрича, бунга сув таъминоти хизматлари соҳасида энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштириш механизмини, шунингдек, маҳаллий сув каналлари фойдаланиши мумкин бўлган сув истеъмолини ҳисоблаш дастурларини жорий қилиш орқали эришиш мумкин.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳа доирасида Швейцариянинг Иқтисодий ишлар бўйича давлат котибияти Ўзбекистонда сув таъминоти хизматлари секторининг институционал ва тартибга солувчи салоҳиятини ривожлантириш учун 7,8 миллион доллар миқдорида грант ажратади. Ушбу лойиҳа сув таъминоти тизимининг самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматига мазкур секторни ислоҳ қилишда ёрдам беради.

Жаҳон банки Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда техник ёрдам ва умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларига тенг 21 та лойиҳани молиялаштириш орқали ёрдам бермоқда. Улар макроиқтисодий сиёсатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва канализация, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида амалга оширилади.