Фурқат Сидиқхўжаевич Маҳмудхўжаев Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари — ҳокимнинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди, дея хабар қилди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати.

Тайинловга қадар 2018 йилга қадар у Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Фурқат Маҳмудхўжаев (1965 й. т.) — Тошкент давлат техника университетини (1989) муҳандис-технолог мутахассислиги бўйича ҳамда Тошкент кимё технология институти аспирантурасини тамомлаган (1989 — 1991). Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Миробод туман қўмитасининг биринчи котиби (1996−2001), «Камолот»нинг Тошкент шаҳар бўлими раиси (2001−2006), Таэквон-до ITF миллий ассоциацияси вице-президенти (2006−2008), «Пойтахт Жамоли Халқаро бизнес маркази» корхонаси директори (2007−2009) лавозимларида ишлаган.

Бундан ташқари, у «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош мутахассиси, бўлим бошлиғи (2009−2010), «Ўзбекнаво» бош директорининг ўринбосари (2010−2012), «Маҳалла» жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раисининг ўринбосари (2012−2013), Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари (2013−2017), Вазирлар Маҳкамасининг маданият, санъат ва ёшлар сиёсати бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси (2017−2018) лавозимларида фаолият кўрсатган.

2018 йил февралидан 2019 йил апрелигача матбуот хизматига Ҳусниддин Эргашев раҳбарлик қилди. У «Ёшлар» телерадиоканали директори этиб тайинланганидан буён лавозим вакант бўлиб қолаётган эди.