Маъмурий ишлар бўйича Чилонзор туман судининг қарорига кўра 23 ёшли Фарҳод Маннонов Тошкентда йўлнинг ҳаракат қисмида рақс тушгани учун жаримага тортилди, дея хабар қилди «Тошкент» телеканали.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувда ёш йигитнинг устки кийимини ечиб, йўлнинг ҳаракат қисмига чиққани ва Клод Ван Даммнинг «Кикбоксёр» фильми (1989) қаҳрамони рақсини ижро этгани акс этган. Светофорнинг қизил чироғи ёниб турган бир неча сониялар ичида у автомобиллар ва пиёдалар қаршисида рақс тушди. Бу вақт давомида бир неча ракурсдан туриб тасвирга олинди.

Фарҳод Маннонов бунинг челленж-батлл — интернет роликлари жанридан бири экани, унда блогер бир вазифани бажариб, уни видеотасвирга олиши ҳамда тармоққа жойлаштириб, сўнгра мазкур вазифани ўз танишлари ёки фойдаланувчиларга такрорлашни таклиф қилишини қайд этиб ўтди.

«Ўртоқларимиз билан бўш вақтимиздан унумли фойдаланиш мақсадида бу видеони олган эдик. Бизнинг ниятимиз ичиб-чекишмас. Ёки бошқа нарсалардан маза қилмаймиз биз. Мана шунақа қилиб одамларнинг кайфиятини кўтариб… Олдиндан КВНга чиқиб юрган боламан. Ўқийман, ишлайман. Челленж-батлл кетаётган эди. Шунинг учун суратга туширдик. Тавсия қилмаган бўлардим орқамиздан ёш болалар қайтаришини», — деди у.

Чилонзор туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан Фарҳод Манноновга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-модда 1- қисми (Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) бўйича ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилди.

Маъмурий ишлар бўйича Чилонзор туман суди Фарҳодни майда безориликда айбдор деб топди ва уни базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида (223 минг сўм) жаримага тортди.