АҚШдаги Долби кинотеатрида деярли 3,5 соат давом этган тақдирлаш маросимида кутилганидек актёр Хоакин Феникс («Жокер») «Оскар»га лойиқ топилди. «Энг яхши актриса» номинациясида Рене Зеллрегер («Жуди») мукофотланди.

«Энг яхши хорижий фильм» йўналишида ғолиб бўлган «Паразитлар» фильми мукофотни «Энг яхши сценарий» учун ҳам қабул қилди. Шунингдек, Жанубий Корея ижод маҳсули бўлмиш фильм мукофотнинг бош номинацияси — «Энг яхши фильм», «Энг яхши режиссёр иши» учун яна ҳайкалчаларга эга чиқди.

Жорий йилда «Энг яхши композитор» учун «Оскар» «Жокер» фильмига басталанган куй муаллифи Хильдур Гуднадоттирга насиб этди. Кино оламида янграган энг яхши қўшиқ эса «Рокетмен»даги (I’m Gonna) Love Me Again бўлди.

Ноанъанавий операторлик иши билан тасвирга олинган «1917» фильмидаги тасвирчи, визуал эффект ва овоз усталари ҳам «Оскар»га лойиқ топилди.

Фото: Оскар киноакадемияси

Машҳур актёр Бред Питт ҳам мукофотга сазовор бўлди. У иккинчи пландаги ижрочи номинациясида «Бир пайтлар Ҳолливудда» фильмидаги роли учун мукофотни олди.