Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилоятида ўрганишлар ўтказилди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати Навоий вилоят ИИБ ахборот хизматига таянган ҳолда.

Ушбу ўрганишлар якунлари бўйича вилоят Ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилиш чоғида ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун бир қатор туман ИИБ бошлиқлари ва ходимлар ишдан четлаштирилди.

Жумладан, Навбаҳор тумани ИИБ бошлиғи Ш. Исматов, Томди тумани ИИБ бошлиғи Б.Бозоров, Қизилтепа тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Адизов, Хатирчи тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ш. Исматов, Хатирчи тумани профилактика инспекторлари А.Амонтошев ва Ш. Облаев, 11-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Сувонов, 5-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Латипов эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди. Шунингдек, бир қатор ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Йиғилишда 2019 йил якунига кўра Навоий вилоятида содир этилган жиноятлар сони 10,2 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 11,6 фоизга, шу жумладан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, ўғирлик, фирибгарлик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайгани қайд этилди. Вилоятдаги ҳар учинчи маҳалласида жиноятлар содир этилмади, вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар камайгани таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, вилоятнинг 307 та маҳалласида содир этилган ҳар еттинчи жиноят «Мемор», «Кимёгар», «Хончарбоғ», «М.Баҳром», «Шибзон», «Навбаҳор», «Дамариқ» ва «Бешработ» маҳаллалари ҳиссасига тўғри келаётгани танқид остига олинди.

Қолаверса, хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар, ахлоқсиз ҳатти-ҳаракатлар, ажримлар, ўз жонига қасд қилиш каби салбий иллатнинг олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилиб, вилоят Хотин-қизлар кенгаши раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳга 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича манзилли топшириқлар берилди.