2019 йил иккинчи ярим йиллигида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция август ойидаги кескин ошишидан сўнг юқорилигича сақланиб қолди ва бу, ўз навбатида, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар даражасига ўз таъсирини кўрсатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки эълон қилган ўтган йилнинг тўртинчи чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳида сўз боради.

МБ ўтказган сўровларга кўра, келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалар 18 фоизни ташкил этди. Хусусан, аҳолининг кутилмалари ноябрда 17,3 фоизгача пасайиб, декабрда 17,9 фоизгача ошди. Бизнес вакиллари инфляцион кутилмаларида эса декабрда 18,1 фоизгача пасайиш кузатилди.


«Бир вақтнинг ўзида бир нечта инфляцион омиллар пайдо бўлган вазиятда, жумладан, тарифларнинг оширилиши, миллий валюта девальвацияси ва иш ҳақининг ўсиши шароитида, айниқса кутилмалар жиловланмаган даврда, инфляцион кутилмаларнинг таъсири нисбатан узоқ муддатда давом этиши мумкин», — дейилади шарҳда.

Инфляция таҳлили

2019 йил якунлари бўйича республикада истеъмол нархлари бўйича ҳисобланган инфляция 15,2 фоизга тенг бўлди ва Марказий банк прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин даражада сақланиб қолди.

2019 йилда инфляция турли йўналишли динамикага эга бўлди. Хусусан, йилнинг биринчи ярмида пасайиб, йиллик 13−13,5 фоиз даражада барқарор сақланган бўлса, учинчи чоракда энергия манбалари нархларининг кўтарилиши ва девальвациянинг тезлашиши таъсири остида бироз тезлашди. Чораклик инфляция даражасида, 2019 йилнинг учинчи чорагини ҳисобга олмаганда, 2018 йилнинг мос даврларига нисбатан пасайиш кузатилди

2019 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи йиллик инфляцияни шакллантирувчи асосий омил бўлди. Мазкур гуруҳнинг умумий инфляциядаги ҳиссаси аввалги йилга нисбатан 1,6 фоиз бандга ошиб, 8,1 фоиз бандга тенг бўлди. Шунингдек, ноозиқ-овқат инфляцияси пасайиши давом этиб, йил якунига умумий инфляциядаги ҳиссаси 3,8 фоиз бандгача пасайди. Хизматлар инфляциясининг ҳиссаси эса 3,3 фоиз банд атрофида деярли ўзгаришларсиз қолди.

Марказий банк жорий ва кутилаётган макроиқтисодий ҳолатлардан келиб чиқиб, 2020 йил учун инфляция бўйича асосий прогнозни 12−13,5 фоиз даражада ўзгаришсиз сақлаб қолди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари

2019 йил октябрь-декабрь ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси айрим товарлар нархлари ўсишининг маълум даражадаги тезлашуви ҳисобига ўсувчи трендга эга бўлди. Хусусан, сентябрь ойида ушбу гуруҳ нархлари йиллик ўсиши 17,5 фоизни ташкил этган бўлса, декабрда 18,6 фоизгача кўтарилди.


Бунда мева-сабзавотларнинг озиқ-овқат товарлари йиллик инфляциясига таъсири бироз пасайди. Озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси мева-сабзавотларни ҳисобга олмаганда 19,6 фоизга тенг бўлди. Бу дон, ун ва унга боғлиқ маҳсулотлар нархларининг эркинлаштирилиши, шунингдек, нархларнинг минтақадаги ўртача нархлар даражасига мослашиши ҳамда ички таркибий омиллар билан изоҳланади.

Бундан ташқари, Қозоғистонда ҳосилнинг пасайиши натижасида импорт қилинган ун ва буғдой нархларининг ўсиши тегишли товарлар гуруҳи нархларининг ошишига таъсир кўрсатди.

2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида гўшт нархининг йиллик ўсиши сезиларли даражада секинлашиб, июнда 13,1 фоиз бўлган бўлса, учинчи чоракдан нархлар ўсиш суръати жадаллашди ва декабрда 23,4 фоизгача кўтарилди.

Чорва учун озуқа нархининг юқори суръатларда ўсиши, ишлаб чиқариш базасининг ривожланмаганлиги ва чорвачиликни ривожлантириш дастурлари доирасида чорва молларига бўлган талабнинг ўсиши, умумий овқатланиш — «ресторан бизнеси» соҳасининг сезиларли кенгайиши гўшт ва чорва моллари нархларининг ошишига таъсир қилувчи асосий омиллардан бўлганлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, қўшни давлатлардан чорва моллари импортининг кўпайтирилиши нархларнинг кескин ўсиб кетишини олдини олишга хизмат қилди.

«Ўрта муддатли истиқболда гўшт нархининг барқарор бўлиши чорвачилик фаолиятини фундаментал равишда қайта кўриб чиқишни, хусусан, етарли озуқа базаси билан таъминланганлиги даражасини ошириш, шунингдек, ички бозорда ишончли гўшт таклифини ярата оладиган йирик чорвачилик фермаларининг ривожланишини рағбатлантиришни ҳамда зарурият туғилганда ташқи бозорлардан ишончли ва барқарор гўшт таклифини йўлга қўйишни талаб этади», — дейилади шарҳда.

Ноозиқ-овқат нархлари

Ноозиқ-овқат товарлари гуруҳида ўртача нарх даражасининг ўсиши октябрь ойида максимал қийматига етди — йиллик 12,2 фоиз, ноябрьдекабрь ойларида эса 10,9 фоизгача пасайди. Умуман, 2019 йилда ёқилғи маҳсулотлари нархлари ўсишини ҳисобга олмаганда ноозиқ-овқат маҳсулотлари йиллик инфляцияси ўсувчи трендга эга бўлиб, январдаги 8,3 фоиздан ноябрда 11,2 фоизгача кўтарилди. Декабрь ойида йиллик ҳисобда 10,3 фоизгача пасайди.


Уй-рўзғор буюмлари ва электр жиҳозлари, шахсий гигиена воситалари ва тамаки маҳсулотлари гуруҳида нархларнинг ўсиши сезиларли даражада тезлашиши кузатилди ва бу, асосан, сўмнинг девальвацияси ва божхона тўловлари ставкасининг қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ. Хусусан, маиший техника ва электр жиҳозлари нархининг ўсиши 13,4 фоизни (2018 йилда 5%), ювиш ва тозалаш воситалари — 15 фоизни (2018 йилда 6,4%), маданий буюмлар — 12,7 фоизни (2018 йилда 1,2%) ташкил қилди.

Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва муқобил товарлар янги турларининг ривожланиши туфайли қурилиш материаллари нархларининг ўсиш суръати 2019 йилда 7,3 фоизгача пасайди (2018 йилда 18,6 фоиз). Бундан ташқари, кийим-кечак нархларининг ўсиши ўтган йилга нисбатан 1,2 фоиз бандга пастроқ бўлди.

2019 йилнинг IV чорагида алмашув курсининг нисбатан барқарорлашуви, ўз навбатида, кийим-кечак, оёқ кийим, маиший товарлар, электротехника ва таркибида импорт қисми юқори бўлган бошқа товар гуруҳлари бўйича нархлар ошишининг секинлашишига хизмат қилди.

Хизматлар

2019 йил октябрь-декабрь ойларида хизматлар йиллик инфляцияси пасаювчи трендга эга бўлиб йил якуни бўйича 15,2 фоизни ташкил этди. Бунга коммунал хизматлар ҳамда темир йўл транспорти ва алоқа хизматлари тарифларининг нисбатан барқарор бўлганлиги сабаб бўлди.

Шунингдек, 2019 йил тўртинчи чоракда коммунал хизматлар ҳисобга олинмаган ҳолда ҳисобланган хизматлар инфляциясида пасайиш кузатилиб 14,1 фоизга тенг бўлди.


Совуқ сув ва канализация учун тўлов йиллик 20 фоизга, электр энергияси тўлови — 18,0 фоизга, табиий газ учун тўлов — 18,8 фоизга ва маиший чиқинди учун тўлов — 17,3 фоизга ошди. Бозор хизматларида тарифларнинг жорий шароитларга (жумладан, иш ҳақилар ва аҳоли даромадлари ошишига) мослашиши давом этмоқда. Хусусан, маиший хизматлар нархлари йиллик ўсиши 18,8 фоизни, таълим хизматлари — 22 фоизни, тиббий хизматлар — 11,7 фоизни, дам олиш хизматлари — 13,2 фоизни ташкил қилди.

Шу билан бирга, 2020 йилда 2019 йил учинчи чорагида инфляцион босимнинг шаклланишига туртки бўлган омиллар таъсири камайиб боради.

Базавий инфляция

2019 йилда базавий инфляция октябрь ойига қадар ўсишда давом этди ва йиллик 15 фоизлик максимал даражасига етди, ноябрь-декабрь ойларида эса 13,9 фоизгача пасайди.

2019 йил давомида базавий инфляцияда барқарор пасайиш тенденцияси кузатилмади. Базавий инфляция трендининг шаклланишига ҚҚС базасининг кенгайтирилиши, кредитлаш суръатларининг тезлашиши ҳамда энергия ресурслари нархлари оширилишининг иккиламчи таъсирлари, шунингдек, бозор нархларининг, иш ҳақи оширилиши ва айрим товарлар импортига ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилинишига мослашуви каби омиллар билан изоҳланади.

2018 йил сентябрдан буён базавий инфляция ИНИ ўзгаришидан паст даражада сақланиб қолмоқда, бу ҳолат тартибга солинадиган нархларни умумий истеъмол нархларига нисбатан сезиларли даражада тезроқ ўсганини кўрсатади.

Тартибга солинадиган нархларнинг бир марталик кескин ўсиши таъсирининг тугаб бориши билан мазкур кўрсаткичлар орасидаги фарқ қисқаради.

Инфляция прогнози

Марказий банк жорий ва кутилаётган макроиқтисодий ҳолатлардан келиб чиқиб, 2020 йил учун инфляция бўйича асосий прогнозни 12−13,5 фоиз даражада ўзгаришсиз сақлаб қолди.

Бунда, асосий прогнознинг сақлаб қолиниши ва инфляциянинг йил охирига қадар кутилаётган пасайиши қуйидаги монетар ва номонетар омиллар билан изоҳланади:

Биринчидан, 2019 йилда юзага келган баъзи инфляцион омиллар таъсирининг 2020 йилда тугаши ҳамда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларининг аксарияти бўйича нархлар Марказий Осиё минтақасидаги, шунингдек, асосий савдо ҳамкор давлатлардаги нархлар даражасига мослашиб бўлганлиги сабабли нархларнинг пастроқ даражада ўсиши кутилмоқда;

Иккинчидан, мувофиқлашган пул-кредит ва макропруденциал сиёсатнинг юритилиши, шунингдек, давлат харажатлари ва умумий фискал тақчилликнинг оптималлаштирилиши (фискал тақчилликнинг 2019 йилдаги ЯИМга нисбатан 3,9 фоиздан 2,7 фоизгача қисқартирилиши, ЎТТЖ даромадлари ва харажатларининг мувозанатлаштирилиши, давлат ташқи қарзини жалб этиш бўйича чегараларнинг ўрнатилиши) орқали кредитлаш ўсиш суръатининг номинал ЯИМ ўсиш суръатидан (20−25%) ошмаслиги таъминланади. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётда талабнинг ҳаддан ташқари ўсишини олдини олади ва шу орқали, инфляция ва айирбошлаш курсига бўлган босимни пасайтиради.

Учинчидан, миллий валюта айирбошлаш курси ўзининг фундаментал тренди атрофида барқарорлашиши 2020 йилда инфляцион жараёнларга 2019 йилдагига нисбатан камроқ таъсир кўрсатади.

Тўртинчидан, дастлабки баҳолашларга кўра, жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик ва қурилиш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши ва бу ички талабни қондириш имконини беради. Бунда, ички бозорда рақобатнинг кучайтирилиши мазкур соҳаларда нархлар барқарорлигининг таъминланиши учун муҳим ўрин тутади.

Бешинчидан, 2018−2019 йилларда ўртача иш ҳақилар даражасининг сезиларли даражада тўғриланганлиги ҳисобига 2020 йилда аҳоли номинал даромадларининг, жумладан, ўртача иш ҳақлари даражасининг мўътадил ўсишининг кутилиши талабнинг инфляцион омиллари таъсирини камайтиришга ёрдам беради.

«Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бозор тамойилларидан кенгроқ фойдаланиш ва таннархни пасайтириш бўйича «2020 йилда Инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича йўл харитаси»да келтирилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, иқтисодиётда инфляцион босимни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш ва инфляциянинг ўрта муддатли мақсадли кўрсаткичига эришиш учун асос бўлиб хизмат қилади», — дейилади шарҳда.