Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Муҳим тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-газ тармоғи, транспорт ва бошқа соҳаларда ислоҳотларни давом эттиришга кўмакни кенгайтириш ҳамда қашшоқликка қарши курашиш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом эттирилаётган лойиҳаларнинг қиймати 5,5 миллиард долларни ташкил этади. Ўтган йили ушбу глобал молиявий институт умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган янги истиқболли лойиҳаларни маъқуллади.

16 январь куни Сенат раиси Танзила Нарбаева ЖБ делегацияси билан учрашган эди. Банк вакиллари миллий иқтисодиётни янада эркинлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Учрашувда Жаҳон банки Олий Мажлис Сенатининг қишлоқ жойларда аёллар тадбиркорлигини молиялаштириш, шу жумладан касаначилик билан шуғулланадиган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлагани таъкидланди. Ушбу лойиҳа The Japan Social Development Fund (JSDF) дастури доирасида амалга оширилади.

Худди шу куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари — транспорт вазири Очилбой Раматов Жаҳон банки делегацияси аъзолари билан учрашди. Томонлар Жаҳон банки билан ҳамкорликда мамлакат транспорт инфратузилмалари, жумладан аэропортлар, автомобиль йўллари қурилиши ва реконструкция қилиниши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига тўхталиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков билан учрашувда Сирил Мюллер сабзавотчилик тармоқларида экспорт хажмларини сезиларли даражада ошгани ва бунинг натижасида мамлакат савдо балансининг оптималлашганини таъкидлаб ўтди. Бу эса, унинг сўзларига кўра, миллий иқтисодиётни барқарорлиги ошганини аломати бўлиб ҳисобланади. Аҳолининг тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиниши ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторини жадал ривожлантиришга эътибор каратиш тавсия этилди, бу эса, ўз навбатида, бюджет даромадларини кўпайтириш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга имкон яратади. У аҳолининг тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторини жадал ривожлантиришга эътибор каратиш лозимлигини тавсия қилди.