2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда «фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори» институти жорий этилади. Президентнинг 2019 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Қарорга кўра «фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори» институтини жорий этиш доирасида тадбирларни ташкил этиш Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда амалга оширилади.

Қуйидагилар «фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори» институтининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан рецептларни ёзиш ва дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларни шакллантириш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш;
  • тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарга ташриф буюриш, телефон қўнғироқлари, электрон почта ёки мобил иловалар орқали мурожаат қилиш, шунингдек, бошқа масофавий усуллар орқали маълумот тўплаш ва мониторинг олиб бориш;
  • маълумот тўплаш ва мониторинг қилишга тегишли ваколатли органлар ходимларини ҳам, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа шахсларни («сирли харидорлар») ҳам жалб этиш;
  • тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари ва (ёки) ходимларини ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳамда ваколатларини суиистеъмол қилишга ундовчи усуллардан фойдаланишини тақиқлаш;
  • қонунчилик талабларини биринчи марта бузган тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ва (ёки) ходимларига қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини қўлламасдан, тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;
  • «фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори» институтини жорий этиш доирасида ўтказилган мониторинг натижалари асосида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш.

Ҳужжатда, 2020 йил 1 майга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига дори воситаларига рецептлар ёзиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузганлик, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорлар рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, дори воситаларини олиш ҳуқуқини берувчи рецептларни ёки бошқа ҳужжатларни сохталаштирганлик учун тиббиёт ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш топширилди.