Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда сўзга чиқар экан, мамлакатда ажримлар даражаси юқори эканига изоҳ берди. Давлат раҳбари ёш оилалар ўртасида ажримлар унга тинчлик бермаслигини таъкидлаб ўтди.

2019 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатда 277 минг 420 та никоҳ қайд этилган. Бироқ 28 минг 755 та оила, асосан ёшлар ўртасида ажримлар юз берган. Президент бу ҳолатни «жуда ачинарли» деб атади.

Уч йил ичида институционал муаммоларни ҳал этишга қаратилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди, бироқ ажримлар даражаси ўсишда давом этмоқда, деди у.

«Хўш, биз бу ҳолатга қарши қандай аниқ чоралар кўраяпмиз? Хотин-қизлар қўмитаси, „Оила“ илмий маркази, „Маҳалла“ кенгаши, „Нуроний“ ташкилоти ва Ёшлар иттифоқи оилавий ажримларни камайтириш учун қандай самарали чоралар қўллаяпти?» — деб сўради Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги «Оила» маркази, Ўзбекистон фахрийларининг «Нуроний» жамғармаси ва бошқа масъул ташкилотлар ажрашаётган никоҳлар сонини камайтириш бўйича ҳеч қандай чоралар кўрмаяпти.

«Бу йўналишда илмий асосланган тавсиялар ва ечимлар йўқ… Ҳеч ким ташаббус билан чиқмайди… Ҳокимлар пахта ва буғдой йиғим-терими ҳақида қўшиб ёзиб ҳисобот беришади, бу борадаги ишлар тўғрисида ҳам ҳисобот беришсин», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев «Йилнинг намунали ёш оиласи» республика танловини 2020 йилдан бошлаб ўтказишни таклиф қилди. Шунингдек, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази, Республика Маҳаллалар кенгаши, «Нуроний» фахрийларидан иборат «Фахрийлар ибрати» маслаҳат кенгаши фаолиятини самарали йўлга қўйишни таклиф этди. «Бу кенгаш маҳаллалардаги яраштириш комиссиялари ҳал қила олмаётган муаммони судга чиқаришдан олдин, янги таъсирчан бўғин бўлиб хизмат қилади», — деди давлат раҳбари.

Президент Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари раҳбарларини таклифлар йўқлиги, яраштириш комиссияларининг самарасиз фаолияти учун танқид қилди ва «агар улар аравани тортолмаса, лавозимларидан бўшатилиши мумкин"лигини маълум қилди.

Президент адолатли муҳит ва содиқ раҳбарлар кераклигини, улар ажралиш тўғрисидаги иш судга тақдим этилаётганини шунчаки кузатиб турмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, илгари ёш оилаларни уй-жой ва иш билан таъминлаш имкони бўлмаган, аммо ҳозир вазият ўзгармоқда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017 йилда никоҳлар ва ажримлар сони мос равишда 306,2 минг ва 31,9 мингни, 2018 йилда эса 311,3 минг ва 32,3 мингтани ташкил этган.