Президент Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида қарорни имзолади.

Ҳужжат Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асл мазмуни ва моҳияти ҳақида холис хабарларни аҳолининг барча қатламларига ҳамда дунё ҳамжамиятига тезкорлик билан ва сифатли етказиш, миллий ахборот маконини ривожлантириш, глобал ахборот майдонида республиканинг ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Қарорда қайд этилишича, матбуот, оммавий ахборот воситалари, ахборот тарқатиш, аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш, мамлакатимизда содир бўлаётган янгиликларни чет давлатларга, чет давлатлардаги воқеа-ҳодисаларни мамлакатимиз аҳолисига тезкорлик билан етказиш бўйича амалдаги тизим бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти.

ЎзАнинг асосий вазифалари этиб республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни, қонунлари, президент қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукумат қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш кабилар белгиланди.

Жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш ҳам асосий вазифалар рўйхатидан жой олди.

Агентлик бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видео материаллар) базасини шакллантиради. Шунингдек, ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланади.

ЎзА таркибида Медиамарказ ташкил этилади. Ушбу марказ ахборот-таҳлилий ва мультимедиа материаллар, эшиттириш ва кўрсатувлар, воқеа жойидан онлайн репортажлар тайёрлайди, аудио ва видео материалларни қайта ишлайди ва уларни оммавий ахборот воситаларига белгиланган тартибда етказиб беради.

ЎзА ҳузурида унинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш бўйича Маслаҳат кенгаши ҳам ташкил этилади.

Қарорда 2020 йил 1 майга қадар муддатда фойдаланувчилар учун қулай, аудио ва видео ахборотларни тарқатиш, тарқатилаётган ахборотларни тижорат йўли билан юклаб олиш имкониятлари мавжуд бўлган ЎзАнинг ахборот порталини ишга тушириш топширилди.