Туркманистон президентига Ўзбекистон Фанлар академияси Фахрий академиги унвони берилди. Пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, Фанлар академияси ушбу қарорни Туркманистон Президенти халқаро илмий доираларда кенг танилган ва эътироф этилган олим, замонавий тиббиёт, фармакология, иқтисодиёт, архитектура ва фаннинг бошқа соҳаларини ривожлантириш ҳамда Марказий Осиёнинг бой табиатини ўрганишга бағишланган қатор илмий қомусий асарлар муаллифи эканлигини инобатга олган ҳолда қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ушбу қарор Туркманистон президентининг илм-фан соҳаларини ривожлантириш, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларига улкан ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари охирги йиллар кўп асрлик алоқалар тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани ва бугунги кунда Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тобора ривожланаётганини қайд этди. Бу ўзаро савдо ҳажмининг анча ошгани, саноат кооперацияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик кучайиб бораётгани, маданий-гуманитар алоқалар фаоллашганида намоён бўлмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов, ўз навбатида, президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Фанлар академиясига кўрсатилган юксак эътибор учун чуқур миннатдорлик билдирди, бу Туркманистонга ҳурмат-эҳтиром ифодаси, мамлакатнинг фан ва таълим соҳаларидаги ютуқлари эътирофи, халқларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамлигидан далолат эканини таъкидлади.

Гурбангули Бердимуҳамедов Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки давлат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш, унга янги суръат бағишлашга қўшган шахсий ҳиссасини юксак баҳолади. Ўзбекистон раҳбари билан мунтазам ва самарали учрашувлар доимо дўстона ва ишонч руҳида ўтаётгани ва аниқ келишувларга эришишга хизмат қилаётгани қайд этилди.