Самарқанддаги 42-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси бир неча киши томонидан калтакланганидан уч кун ўтиб шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси хабар қилди.

Назорат органи маълумотларига кўра, 20 ноябрь куни соат тахминан 03.40ларда Беруний кўчасида фуқаро Джурабек М. (1990 й.т. ишчи) шериклари Дониёр С. (1994 й.т. муқаддам судланган, ҳайдовчи) ва Мухаммад К. (1997 й.т. муқаддам судланган, ишчи) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, шаҳардаги 42-сонли умумтаълим мактаб ўқитувчиси Иззатило М. билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб, жанжал вақтида қўл ва оёқлари билан уни бош қисми ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба қасддан уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказишган.

Daryo.uz талқинига кўра, ўқитувчини калтаклашда 15 киши қатнашган. Нашрнинг ёзишича. 20 ноябрь куни Иззатулло М. ва унинг дўсти кафега боради, у ерда нотаниш оила билан можаро келиб чиқади. Ҳодисага патруль-пост хизмати ходимлари аралашади ва Иззатулло М. ва унинг дўсти, шунингдек, жанжалда қатнашган яна икки кишини ўзлари билан олиб кетади.

«Юзага келган жанжални ППХ ходимлари бартараф этиб, уларни олиб кетган. Улар Иззатулло М ва унинг дўстини Самарқанд шаҳридаги чой фабрикаси олдидаги бекатда қолдирган. У ерда уларни 10 нафарга яқин киши кутиб турган. Тортишиб қолган 7 киши шу заҳоти етиб келган. Ўша бекатда кафеда тортишиб қолган йигитлар ва унинг танишлари Иззатулло М. ва унинг дўстини калтаклаган», — дейди ҳалок бўлган ўқитувчининг яқинларидан бири.

Иззатилло М. «оғир ёпиқ КЦТ, бош миянинг оғир даражали лат ейиши» ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан 23 ноябрь куни Иззатило М. жонлантириш бўлимида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

23 ноябрь куни Джурабек М., Дониёр С. ва Мухаммад К. Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Самарканд вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.