Биринчи қор ёғиб ўтганидан сўнг Ўзбекистонда бугундан Урал ҳудудларидан кириб келган жуда совуқ ҳаво оқимлари таъсирида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво ҳукмронлиги ўрнатилди, дея хабар қилди «Ўзгидромет» матбуот хизмати. Душанба куни кундузги ҳарорат 0 даражадан ошмайди.

Эртага антициклон таъсири кучаяди, дея таъкидлади синоптиклар. Бу тунги ҳаво ҳароратига таъсир қилади, у −8 … −6 даражагача, республиканинг айрим жойларида −12 … −10 даражагача тушади. «Аммо тушдан кейин қуёш нурлари ўз таъсирини ўтказади ва ҳаво 3 даражага қадар исийди», дейилади хабарда.

Кейинги кунларда антициклон аста-секин ўз таъсирини заифлаштириб, Қозоғистоннинг шимоли-шарқий қисмига ўтади. Жума кечаси ҳарорат −5 … 0 даражагача пасаяди. Кун давомида ҳаво ҳарорати + 5 … + 7 даражагача кўтарилади.