2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча қўмиталарнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил 9 ойлик ижроси тўғрисида"ги ҳисоботи кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Молия вазирининг ўринбосари А.Ҳайдаровнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинди. Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ҳисобига маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, Президент ва Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларни бажариш Давлат бюджети ижросининг устувор йўналишлари бўлди. Бунда аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш каби тадбирларни молиялаштириш бюджет параметрларида белгиланган йўналишлар доирасида ўз вақтида амалга оширилди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилга нисбатан 5,7 фоизга ўсди. Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 107,1 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 105,2 фоизни ташкил қилди.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 31 млрд. 645,8 млн. АҚШ долларини ташкил этди (37,2 фоиз).

2019 йил 9 ойлигида Давлат бюджети даромадлари 79 трлн. 159,5 млрд. сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46.2 фоизга ўсди ҳамда белгиланган 73 трлн. 220,0 млрд. сўм режа 5 трлн. 939,5 млрд. сўмга ортиғи билан (108,1 фоиз) бажарилди. Ўз навбатида, Давлат бюджети даромадларининг Ялпи ички маҳсулотдаги улуши 21,9 фоизга етди.

Давлат бюджетининг ўтган 9 ойлиги якуни бўйича харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 86 трлн. 482,4 млрд. сўмни (аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 99,0 фоиз) ёки ЯИМ га нисбатан 23,9 фоизни ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, Давлат бюджети умумий харажатларининг қарийб

53,2 фоизи, яъни 45 трлн. 970,9 млрд. сўми ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланди.

Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини (52,6 фоиз) ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 24 трлн. 193,2 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш харажатлари (нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари)га 3 трлн. 451,5 млрд. сўм миқдорда маблағ ажратилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 10 трлн. 568,8 млрд. сўмни (ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 23,0 фоизини) ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 60,9 фоизга ўсиш қайд этилганини кўрсатади.

Депутатлар кўзда тутилган ҳар бир вазифа ва топшириқнинг ўз вақтида, сифатли ижро этилиши Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда, бу борада ижро масъулиятини янада кучайтириш лозимлигини қайд этдилар.

Ўз навбатида, тадбирда Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида ҳукумат топшириқлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқларига асосан, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларда бюджет тўғрисида қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан бир қатор молиявий назорат тадбирлари ўтказилгани маълум қилинди.

Қизғин савол-жавоб руҳида кечган тадбир якунида депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди ҳамда ушбу масала юзасидан қўмиталар томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.