«Адолат» социал-демократик партияси овози Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевникига ўхшаган эркакнинг журналистларга таҳдид қилгани акс этган аудиоёзув юзасидан изоҳ берди.Фото: «Адолат»

«Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқларда тарқаган журналистлар ҳақидаги ҳақоратли сўзлари ва таҳдиди „Адолат“ социал-демократик партияси томонидан инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди», — дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, кейинги уч йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга эътибор ўзгарди. Чунончи, мамлакатда сўз эркинлиги қўллаб-қувватланяпти, соҳанинг чинакам «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилишига эришилмоқда. ОАВни рағбатлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни паллада айрим раҳбарларнинг, хусусан, ижро ҳокимияти мутасаддиларининг ушбу касб вакилларига нисбатан бундай муносабати кишини жиддий ўйлантиради.

«Нега баъзи мансабдорлар ўз фаолиятида ОАВга суянишнинг ўрнига беписандлик билан ёндашмоқда? Нима сабабдан аввалги баъзи мутасаддиларнинг «ҳурмача» қилиқларидан пойтахт ҳокими Ж.Ортиқхўжаев тўғри сабоқ чиқармади? Ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар нафақат журналист ёки блогер, балки эшитган ҳар бир қулоқ учун оғир ботади. Инсон ҳуқуқлари устувор жамиятда бу ҳолатни қандай ҳазм қилиш мумкин? «- дея савол берди партия.

«Адолат» партияси ушбу ҳолатга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳимоявий чора кутиб қолишини маълум қилди.

«Шунингдек, журналист ва блогерларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминланишидаги ҳиссасини ҳамда жамиятимизда адолатни ўрнатишдаги фаоллигини эътироф этган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга нисбатан қонунда белгиланган тартибда қатъий чора кўрилишини сўраймиз», — дейилади баёнотда.

Тарқалган аудиоёзувда овози ва сўзлаш услуби Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевникига ўхшаш шахс журналистларга нисбатан ҳақоратли сўзларни қўллаб, русча-ўзбекча аралаштирган ҳолда, жумладан, шундай дейди: «Бир ҳафта олдин мани заводимда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни …дан олиб …га солади. Монопол, „Артел“ дабдала, деб! Бир ҳафтадан кейин ўн минг доллар берсанг, ўша маҳсулотни мақтаб чиқади-да, реклама асосида дейди! Они кто вообще? Они твари последние! Онанинг боласими булар ё итнинг боласими?! Принцип йўқ, ифлос, бедолага!Петухлар келяпти мана бу ёқдан, ҳаммаёқдан келиб, ўзича ҳаммани иснодга қўяди».

Сўнгра журналистлардан бутун маҳалла воз кечтириш, ота-онасини бош кўтара олмайдиган ҳолга тушириш, журналистни гей сифатида айблаш унинг учун осон экани, буни «шес секундда» бажаришини айтади.

«Икки-уч кун биттанг бесабаб уйдан чиқиб кетларинг, йўқолиб қолларинг… Уч кун! Бесабаб биттанг уйдан чиқиб кетларинг! Вы хотите этого? Уч кун йўқ бўлиб қолса, ҳамма жим-жит! Ў-ў-ў, сан тирикмисан, ҳеч ким хабар олмайди, айтиб қўяй, сани! У ер — бу ерда ёзишади, бир ҳафтадан кейин унутишади. Бўлди! Қаердадир чўкиб ўляпти-да чўмилаётганда дейишади. И всё. Ҳаёт шунақа!» — дейди у.

Бундай бўлмаслиги учун эса журналистларни ўзи билан ишлашга чақириб, бирор муаммо чиқса ёрдам беришини айтади.