Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президентлигига номзодлар орасида энг кўп овоз тўплаган Отабек Умаров сайланди. Бу ҳақда ассоциациянинг инстаграмдаги саҳифаси орқали хабар берилди.

Ассоциациянинг сайланган раҳбари GFC ХХ мусобақасида иштирок этадиган спортчилар билан учрашиб, машғулотлар жараёни билан яқиндан танишди. Шунингдек, у ерда фахрий спортчилар, чемпионлар — Ўзбекистонлик ММА иштирокчилари ва спортнинг яна кўплаб етакчи вакиллари ҳам ҳозир бўлдилар.

GFC ХХ мусобақасида Ўзбекистондан 8 нафар спортчи- Акмал Амиров, Авлиёхон Ҳамидов, Жаҳонгир Жумаев, Аҳлиддин Мирзадавлатов, Нурсултон Рўзибоев, Жамшид Раҳмоналиев, Музаффар Ражабов ва Амин Эргашев қатнашади.

Мусобақанинг бўлғуси иштирокчилари таъкидлаганидек, спортчиларга профессионал кўмак берадиган бундай ташкилот фаолият бошлагани муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, шу пайтгача улар аралаш жанг санъатлари бўйича халқаро мусобақаларда қатнашиш учун ҳужжатлар тайёрлаш жараёнида кўплаб муаммоларга дуч келишар, йирик мусобақаларни малакали мураббийларсиз ўтказишар, бу эса, табиийки, психологик ва жисмоний тайёргарликда, тиббий кўрикдан ўтишларида жиддий бўшлиқни юзага келтирарди.

Отабек Умаров шу каби масалаларни ҳал этиб, вазиятни ўнглаш учун амалий саъй-ҳаракатлар кўриш, Ўзбекистонда ММА ривожига бефарқ бўлмаган ҳомийларни жалб қилишни маълум қилди. Ассоциация раҳбари ҳамкорлик қилишни истайдиганлар кўп бўлишига ишонч билдирди. Чунки аралаш жанг санъатлари бўйича ўзбекистонлик спортчилар аллақачон ўзларини жаҳон ареналарида кўрсата олишган.

Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача аралаш жанг санъатлари бўйича спортчиларнинг тиббий-психологик тарбиясида камчиликларга йўл қўйилган. Бунинг оқибатида айрим номақбул ҳолатлар ҳам рўй берган. Шу сабабли ҳозир ассоциация олдида турган асосий вазифа спортчиларнинг куч ва жисмоний имкониятларини ўз устида кўпроқ ишлаш ва мусобақаларда ғалаба қозонишга бўлган ишончни мустаҳкамлашга йўналтиришдир. Бунинг учун эса энг малакали хорижий ва маҳаллий мураббийлар спортчиларимиз билан ишлайдилар.