Яқин икки йилда Тошкентда Carrefour халқаро брендининг супермаркет ва гипермаркетлари тармоғи очилади. 28 октябрь куни Дубайнинг Majid Al Futtaim ва Akfa Group компаниялари ўртасида бу ҳақдаги битим имзоланди.

Majid Al Futtaim сайтида ёзилишича, биринчи босқичда 2020 йилда еттита дўкон, жумладан учта супермаркет ва битта гипермаркет очиш режалаштирилган. Улар Akfa Group компаниясига тегишли 17,4 минг кв. м. лик объектларига жойлаштирилади.

Akfa компаниялар гуруҳининг чакана савдо бўлинмаси (Atlas) раҳбари Алишер Абдувоҳидов Majid Al Futtaim билан музокаралар 2017 йил февралидан буён олиб борилаётганини қайд этиб ўтди. У Carrefour тармоғининг очилиши халқаро стандартларнинг жорий этилиши ва маҳсулотлар сифатининг оширилиши ҳисобига Ўзбекистонда чакана савдони ривожлантиришга хисса қўшишига умид билдирди.

Carrefour биринчи икки йил ичида Ўзбекистонда 2500 та иш ўринларини яратиши кутилмоқда. Супермаркетлар тармоғи харидорларга 40 минг номдаги маҳсулотларни таклиф этади ва бутун мамлакатдан 600 дан ортиқ маҳаллик етказиб берувчилар, ишлаб чиқарувчилар ва фермерлар билан ишлайди.

Majid Al Futtaim БААдаги энг йирик конгломерат компаниялардан бири бўлиб, 37 та давлатда Франциянинг Carrefour брендини франчайзинг шартлари асосида бошқаради. 15 та давлатда 285 дан зиёд дўконлар тармоғига эга. Жорий йилда Уганда ва Ўзбекистонда супермаркетлар очиб, бу рақамларни 17 тага кўпайтирмоқда.