Келгуси йилнинг январь ойидан Тошкентда ягона транспорт карталаридан фойдаланган ҳолда йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни бошлаш режалаштирмоқда. Бу ҳақда пойтахт Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев «Ўбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Янги метро станцияларида турникетлар [транспорт карталаридан тўловни қабул қилишга] аллақачон мослаштирилган. Тўрт турдаги карталар жорий этилади: нафақахўрлар, ўқувчилар ва талабалар учун имтиёзли карталар, шунингдек, ягона транспорт картаси бўлади», — дея хабар қилди у.

Тўловни мобил телефондан илова орқали ёки банк карталари (шу жумладан халқаро тўлов карталари) ёрдамида амалга ошириш мумкин.

«Газета.uz» Транспорт вазирлиги билан боғланиб, транспорт карталарининг нафақат Тошкент, балки бутун республика бўйича амал қилинишини ўрганди.

Карталарнинг ҳар бир шахс учун махсус чиқарилиши, унда эгасининг фотосурати бўлиши ҳамда давлат хизматлари марказларида тақдим этилиши кутилмоқда.

Карталардан мамлакатнинг барча жамоат транспортларида, жумладан, автобуслар ва метрода, Самарқанддаги трамвайда, Хоразмда троллейбусда ва бошқаларда (келажакда — йўналишли таксиларда) фойдаланиш мумкин.

Йўл ҳақи миқдори муайян бир минтақада ўрнатилган тарифга боғлиқ бўлиб, йўловчиларнинг турли тоифалари учун имтиёзлар ва чегирмалар ҳисобга олинади.

Транспорт карталаридан фойдаланиш фойдали бўлади, чунки турли хил транспорт турларидан (масалан, автобус-метро-автобус) фойдаланган ҳолда исталган манзилга бориш мумкин бўлган тарифлар мавжуд, бунда тарифда кўрсатилган вақт давомида қўшимча ҳақ олинмайди.

Тошкентда тизимнинг жорий этилиши жамоат транспорти йўналишлари тармоғини оптималлаштириш билан бир қаторда (хусусан, метро станцияларигача автобус йўналишларини очиш), йўловчиларга сафар вақтини тежашга имкон беради.